Жума 21 Январь 2022 | 17 Жумадул-охир 1443 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Талабалар учун қимматли насиҳатлар (2)

73 марта кўрилган

Муҳаммад Мухтор аш-Шинқитий

Ислом Нури таржимаси

Илм олишга қаттиқ ҳаракат қилиш ва шу йўлда сабр қилиш

Абу Убайд Қосим Ибн Саллом салаф имомларидан, илм ва амал борасида девонлардан бири эдилар. Ул зот қироат, Қуръондаги луғатлар, ҳадис ва фиқҳ илмларида порлоқ юлдуз эдилар. Ҳадисларни санадлари билан ривоят қилардилар. «Амвол», «Ғариб» ва булардан бошқа бир қанча китоблар муаллифи бўлганлар. Ул зот бир куни хуфтон намозидан чиқиб кетаётганларида, Хуросондан келган одам бир неча фиқҳий масалаларни сўраш учун ул зотни тўхтатди. Икковлон тик турган ҳолларида савол-жавоб қилиб, масалаларни музокара қилдилар. Совуқ қаттиқлигидан оёқларини бир-бирига уриштиришарди. Шу алфозда туришиб, қандай бомдод вақти бўлганини сезмай қолдилар.

Бунга ажабланманг ва буни тўқима гап деб ҳам ўйламанг. Аллоҳга қасамки, агар сиз илм лаззатини тотсангиз, ҳамма нарсани унутасиз. Қуръон ва суннатдан чиқарилган маъноларни ўқисангиз, салафи солиҳларимиз қолдирган илмий хазинани кўрсангиз, салафларимиз бу илмни ҳосил қилиш учун кечаю кундуз тиним билмай, нақадар машаққат чекканларини, кейинги авлод ўқисин дея – ёзишга ҳеч нарса топа олмасалар – тошга бўлса ҳам ёзиб қолдирганликларини, сиз эса бу илмлардан жуда ҳам йироқ эканингизни кўрасиз. Улар Аллоҳ розилиги учун Ислом умматига яхшиликни раво кўрганлар. Аллоҳ таоло улардан рози бўлсин ва уларни ўз раҳматига олсин. Бизга илм етиб келсин дея салафи солиҳларимиз шунчалик қаттиқ ҳаракат қилган бўлсалар-у, биз уларнинг китобларига назар солганимизда уни тушуна олмасак, билмасак – мана бу ҳақиқий зиёндир. Чунки бизнинг илмимиз саёз. Чуқур ўрганиб, ёдлаб илм олишга тиришмаймиз.

Ҳозирда талабалар фақат ҳукмни ўрганадилар. Унинг далили ва у далил қандай қилиб ўша ҳукмга далил бўлган? Бу далил саҳиҳми ёки саҳиҳ эмасми? Агар саҳиҳ бўлмаса, нега саҳиҳ эмас? Шу саволларга жавоб изласангиз, илмнинг қаърига шўнғиб кетасиз. Агар сиз мана шу мавқеъда бўла олсангиз, Аллоҳ таоло сизни илмнинг энг юқори чўққиларига олиб чиқади. Каттаю кичик ҳар бир масалада изланиб, қаттиқ тиришиб чарчасангиз, чеккан машаққатингиздан шикоят қилмайсиз. Аксинча, ўзингизни ҳақиқий фойда кўрган одам, деб ҳис қиласиз.

Ажабо! Бозорга чиқиб, мавсуми келган тижоратчиларга бир назар солинг. Тижоратчилар кечаю кундуз тиним билмай ишлаётганларини кўрасиз. Улардан бири болаларига қарата: «Бу бизнинг мавсумимиз, Аллоҳнинг берган ризқи, бу фурсатни қўлдан бой бериб қўймаслигимиз керак», дейди. Шундай одам ҳақиқий эркак дейилади. Чунки у ҳар бир ишни ўз ўрнида қилади. Бу мол-дунё излаётган бир одам экан, Аллоҳнинг раҳматига эришмоқчи бўлаётганлар қандай бўлиши керак деб ўйлайсиз?!

Аллоҳнинг ҳузуридаги мартабангиз илмингизга қараб бўлади. Шундай экан, Қуръон ва Суннат илмини изланг! Илм олишда жиддий ҳаракат қиладиган ҳақиқий эркак бўлинг! Бошланғич илмларни ўрганиш билан чекланиб қолманг, илмни чуқур ўрганинг. Илм олишда машаққат чексангиз, уни тарқатишга келганда Аллоҳ роҳат беради. Илм олишда хокисор бўлсангиз, уни беришда Аллоҳ азиз қилади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Илм олишда хокисор эдим, беришда азиз бўлдим», деганлар. Ул зот Арафот кунида Қуръон тафсир қилар эканлар, уни эшитганлардан бири шундай деган эди: «Мен Арафа кунида Ибн Аббосни шундай ҳолатда кўрдимки, агар уни Рум аҳли кўрса, барчалари Исломга келарди». Ул зот Нур сурасини оятма-оят тафсир қилар эдилар. Агар луғат ҳақида гапирсалар, унинг баёни, сирлари, нозик нуқталари, балоғат ва фасоҳатига кириб кетар эдилар. Агар Қуръон илмида гапирсалар, ул зотнинг Қуръондан чиқараётган ҳукмларига ҳайратдан ёқа ушлаган бўлардингиз. Нега шундай бўлмасин, ҳолбуки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ҳаққига: «Аллоҳим, уни динда фақиҳ (тушунадиган) қил ва унга тафсир илмини билдир!» дея дуо қилганлар. Шунча илми бўлишига қарамай жуда ҳам тақволи ва илмига мувофиқ амалли инсон эдилар. Аллоҳ ул зотдан рози бўлсин ва рози қилсин! Одам мана шундай мартабани излаши керак.

Талабалигида ҳаракат қилган устозлигида ҳурмат топади

Илм нақадар шарафли эканини билган бўлсангиз, унга етиш йўлида ҳамма нарсани қурбон қилинг. Илм олиш жараёнида чекаётган машаққатингизни Аллоҳ таоло кўрса, аниқ билингки, У зот бунинг ажрини тўлиқ қилиб беради. Агар бугун машаққат чекаётган бўлсангиз, эртага Аллоҳ таоло бу машаққатингиз самарасини сизга вафот этмасингиздан олдин кўрсатади ва кўрган нарсангиздан кўзингиз қувонади. Илмни тўлиқ эгаллашга ҳарис бўлиб, бу йўлда машаққат чексангиз, Аллоҳ таоло сизга худди сиз каби илмни севадиган, унга эришиш йўлида сиз каби машаққатлар чекадиган шогирдлар беради. Сиз устозларингиздан қандай олган бўлсангиз, улар ҳам сиздан худди шундай чин дилдан таълим оладилар. Сизни илм олишингизни кўриб, устозингиз қанчалик қувонган бўлса, Аллоҳ таоло сизни ҳам шогирдларингиз билан шунчалик қувонтиради. Бу Аллоҳ таолонинг қонунидир.

Салафларга бир назар солинг. Қайси бир олимнинг этагини маҳкам тутиб, йиллар давомида ундан илм олиб, шу йўлда ҳамма нарсасидан воз кечган ҳар қандай шогирдга қараманг, у устозидан кейин олий мартабага етишган ва унинг ўрнига қолгандир. Қолаверса, устозининг ҳаракатларию сўзлаш услубини ҳам олганига гувоҳ бўласиз. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо вафот этганларидан кейин ўринларига Саид ибн Жубайр, Товус ибн Кайсон ва Мужоҳид ибн Жабрлар қолдилар. У кишининг шогирдларига қарасангиз, илм ва амалда устоз-шогирд ораларида фарқ топа олмайсиз. Илм олиш йўлида қанча машаққат чекманг, Аллоҳ таоло бунинг самарасини кўрсатиб, сизни шод қилиши аниқ. Ўзларига китобни устоз тутиб илмли бўлганларга бир қаранг, агар улар минбарга чиқиб, одамлар ичида гапирсалар – агарчи улар жуда заковатли бўлсалар ҳам – одамларда уларга нисбатан бўлган муҳаббат ва қалби очиқлик уламолар кетидан юриб, улар олдида тиз чўкиб илм олган кишига бўлганчалик эмас. Ҳолбуки у кўп ўқиган ва заковатли бўлсада, лекин унга бўлган муҳаббат бунга бўлганичалик эмас. Чунки Аллоҳ таоло адолатлидир. Ким бир яхши амал қилса, дунёда ҳам, охиратда ҳам унинг мукофотини тўлиқ қилиб беради.

Мен талабалик давримда илм олаётган ёшларни кўрмас эдим. Аллоҳ шоҳид, мен буни фахрланиш учун айтмаябман, зеро қилган яхшиликларимизнинг барчаси Аллоҳнинг тавфиқи билан бўлган. Аллоҳга қасамки, мен Пайғамбаримизнинг масжидларидаги уламоларнинг илм ҳалқаларида ҳозир бўлганларнинг аксари ёши катта одамлар эканини кўрардим. Шайтон менга васваса қилиб: «Агар булар ўлса, сендан ким ҳам илм олар эди. Агар сен ўн йил таълим олсанг, улар ё ўлиб кетадилар, ё қариб, сенинг дарсларингга келмайдилар», дер эди. Аллоҳнинг душмани менга шундай деб васваса қилар эди. Биз дарсларда бугунгидек кўп йигитларни кўрмас эдик. Лекин бу Аллоҳнинг калимаси ва унинг дини. Аллоҳ таоло ўз динига ёрдам берса, ҳолат ўзгача бўлар экан, У зот нақадар яхши дўст ва нақадар яхши ёрдамчидир.

Хуллас, даъват қилмоқчи бўлганлар аввало илм ўрганишлари лозим. Уламолар олдида тиз чўкиб, илмни пухта эгаллаб, одамлар орасида ўша уламолардек муҳаббат қозонмасдан туриб тўрга ўтмасликлари керак. Аллоҳ таоло хоҳласа сизни улардан ҳам устун қилиши мумкин. Салафлардан бири: «Аллоҳим, мени фалончидек қилгин!» деганида, унга: «У каби эмас, ундан ҳам яхшироқ бўлишни сўра!» дейишган экан. Зеро, Аллоҳнинг фазли кенг, хазинаси тўла ва кечаю кундуз қўли очиқдир. Ким Аллоҳ ҳақида яхши гумон қилса, Аллоҳ таоло унинг гумонини пучга чиқармайди. Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Аллоҳ таоло: “Мен бандам менга қандай гумон қилса шундайман. Ким мен ҳақимда яхши гумон қилса, ўшанга эришади”, деди».

Буюк арш Парвардигори бўлмиш улуғ Аллоҳ таолодан фойдали илм ва солиҳ амал насиб қилишини сўраймиз! Аллоҳим, бизни Сен ҳақингда яхши гумон қилиб, ўша яхшиликка зиёдаси билан эришган бандаларингдан қилгин ё Карим! Аллоҳим, илмимизни қиёматда фойдамизга ҳужжат қилгин, зараримизга эмас! Аллоҳим, илмимиз билан юзимизни ёруғ қил, мезонимизда яхши амалларимизни оғир қил ва сенга йўлиққанимизда бизга ўзинг раҳм айла, ё Арҳамар роҳимин! Сўзимиз якунида оламлар Парвардигори Аллоҳга ҳамду санолар айтамиз. Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва саҳобаларига Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.

Манба: www.islamnuri.com