Сешанба 16 Август 2022 | 18 Муҳаррам 1444 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Тафсири муяссар: Фотиҳа сураси

287 марта кўрилган

Тафсири муяссар: Фотиҳа сураси

Исмоил Ёқуб таржимаси

التفسير الميسر

Тафсири муяссар

أعوذ بالله من الشيطان الرجيم

«Мени Раббимнинг тоатидан ва Унинг китобини тиловат қилишдан тўсадиган, Аллоҳнинг раҳматидан қувилган ҳар бир туғёнкор инсу жиндан ягона Аллоҳнинг Ўзидан паноҳ сўрайман».

Аллоҳ таоло ҳар бир Қуръон ўқимоқчи бўлган кишига шайтони лаиндан паноҳ тилашга буюриб: «Эй мўмин, Қуръон ўқимоқчи бўлганингда Аллоҳнинг раҳматидан қувилган шайтоннинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ тилагин!», деди (Наҳл сураси, 98). Чунки Қуръони карим одамлар учун ҳидоят, қалб касалликлари учун шифо, шайтон эса барча ёмонлик ва залолатлар сабабчисидир. Шунинг учун Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ҳар бир Қуръон ўқувчи кишини шайтони лаиндан, унинг васвасалари ва малайларидан Ўзидан паноҳ сўрашга буюрди.

Уламолар «истиоза»ни Қуръони каримнинг ояти эмаслигига иттифоқ қилганлар, шунинг учун у мусҳафларда ёзилмаган.

سورة الفاتحة

«Фотиҳа» сураси

Ушбу сура «Фотиҳа» (очувчи) деб номланди, чунки Қуръони азим у билан бошланади. Яна намозларнинг ҳар бир ракатида ўқилгани учун «Масоний» (такрорланиб келувчи) деб ҳам номланади. Унинг бундан бошқа исмлари ҳам бор.

بسم الله الرحمن الرحيم ١

1. Қуръон ўқишни Раҳмон ва Раҳим Аллоҳнинг исми билан, Унинг ўзидан ёрдам сўраган ҳолда бошлайман.

«Аллоҳ» ибодатга сазовор бўлган ягона ҳақ илоҳ – Парвардигор таборака ва таолонинг атоқли исми бўлиб, У Зотнинг Ўзигагина хос ва Ундан ўзга ҳеч ким бу исм билан номланмайди.

«Раҳмон» – меҳрибонлиги бутун махлуқотни қамраб олувчи кенг-мўл раҳмат соҳиби, «Раҳим» эса мўминларни раҳмат қилувчи зот демакдир. Бу иккиси У зотнинг исмларидан бўлиб, улар зимнида Аллоҳ таоло Ўзининг улуғлигига лойиқ тарзда раҳмат сифатига эгалигини эътироф этиш бордир.

الْحَمْدُ لِلَّهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ ٢

2. Оламлар парвардигори Аллоҳга Унинг барча мукаммал сифатлари, ошкору махфий, диний ва дунёвий неъматлари учун ҳамду санолар бўлсин.

Бу оят зимнида Унга мақтов айтишга буйруқ бор. Зотан, У – субҳонаҳу ва таоло – бутун мавжудотни яратган, уларнинг барча ишларини бошқариб турадиган, барча махлуқотини Ўз неъматлари билан, Ўз дўстларини эса иймон ва солиҳ амаллар билан тарбия қиладиган Зотдир.

الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ ٣

3. «Раҳмон» – меҳрибонлиги бутун махлуқотни қамраб олган умумий раҳмат соҳиби, «Раҳим» эса хусусан мўминларни раҳмат қилувчи зот деган маънода бўлиб, бу иккиси Аллоҳ таолонинг исмларидандир.

مَالِكِ يَوْمِ الدِّينِ ٤

4. Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг ёлғиз Ўзи қиёмат кунининг эгасидир. У кун амалларга жазою мукофотлар бериладиган кундир. Мусулмон киши намознинг ҳар ракатида бу оятни ўқир экан, охират кунини эслайди. Бу эса уни солиҳ амаллар қилиш ҳамда ёмонлик ва гуноҳлардан тийилиш билан у кунга ҳозирлик кўришга ундайди.

إِيَّاكَ نَعْبُدُ وَإِيَّاكَ نَسْتَعِينُ ٥

5. Биз фақат Сенга ибодат қиламиз ва барча ишларимизда фақат Сендан ёрдам сўраймиз, барча ишлар Сенинг қўлингда, бошқа ҳеч ким Сенинг хоҳишингсиз заррача ишга қодир эмас.

Бу оятда банда дуо, мадад сўраш, қон чиқариш, тавоф қилиш каби ибодатлардан ҳеч бир турини Аллоҳдан ўзгага қилиши жоиз эмаслигига далил бор. Шунингдек, унда қалблар Аллоҳдан ўзгага боғланиши иллатига, риё, манманлик ва кибр дардларига шифо бор.

اهْدِنَا الصِّرَاطَ الْمُسْتَقِيمَ ٦

6. Бизларни тўғри йўлга йўлла, етакла ва муваффақ қил, то Сенга йўлиққунимизгача ўша йўлда собитқадам қил.

Аллоҳнинг розилиги ва жаннатига етказувчи бу ёруғ йўл исломдир. Унга пайғамбарлар саййиди Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлладилар. Банданинг саодати фақат шу йўлда устувор туриш билангина ҳосил бўлади.

صِرَاطَ الَّذِينَ أَنْعَمْتَ عَلَيْهِمْ غَيْرِ الْمَغْضُوبِ عَلَيْهِمْ وَلا الضَّالِّينَ ٧

7. Ўз инъом-эҳсонингга мушарраф айлаган бандаларинг бўлмиш пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳларнинг йўлига йўллагин. Ана ўшалар ҳидоят ва тўғрилик эгаларидир. Бизларни ғазабга дучор бўлганлар – ҳақни била туриб, унга амал қилмаган яҳудлар ва уларга ўхшаганлар йўлига, шунингдек, ҳақ йўлдан адашганлар – жоҳилликлари туфайли ҳидоят йўлидан адашиб кетган насронийлар ва уларга эргашганлар йўлига юрадиган кимсалардан қилмагин.

Бу дуода мусулмон кишининг қалбига етиши мумкин бўлган жаҳолат, ҳақни инкор қилиш, тўғри йўлдан тойилиш касалликларига шифо, мутлақ энг буюк неъмат ислом неъмати эканига далолат бор. Бинобарин, ким ҳақни кўпроқ билса, унга кўпроқ эргашса, ўша одам «тўғри йўлда» дейилишга лойиқроқдир. Шубҳасиз, пайғамбарлардан сўнг бу сифатга энг лойиқ инсонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидир. Ояти карима уларнинг нақадар аҳли фазл ва олий мақом зотлар эканини кўрсатади, Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин.

Намозда ушбу сурани ўқигандан сўнг «омин» дейиш мустаҳабдир. Маъноси «эй Аллоҳ, ижобат қилгин», демакдир. «Омин» уламолар иттифоқига кўра, «Фотиҳа» сурасининг ояти эмас, шунинг учун мусҳафларда ёзилмайди.

Манба: www.islamnuri.com