Сешанба 16 Август 2022 | 18 Муҳаррам 1444 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Талабалар учун қимматли насиҳатлар (1)

3903 марта кўрилган

Муҳаммад Мухтор аш-Шинқитий

Ислом Нури таржимаси

Илм даъватчининг қуролидир

Ҳамду сано Аллоҳга хосдир. Биз У зотга ҳамд айтамиз, У зотдан ёрдам сўраймиз ва У зотга истиғфор айтамиз. Ўзимизнинг ёмонликларимиз ҳамда амалларимизнинг ёмонликларидан Аллоҳдан паноҳ тилаймиз. Аллоҳ кимни ҳидоятласа, уни ҳеч ким йўлдан оздиролмагай, кимни йўлдан оздирса, уни ҳеч ким ҳидоятга сололмагай.

Аллоҳнинг ёлғиз ўзидан бошқа барҳақ илоҳ йўқ ва У зот шериксиз эканига, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам У зотнинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман.

Аллоҳ таолога даъват қилиш У зотга энг суюкли амаллардан биридир. Бунга қуйидаги ояти карима далолат қилади: «(Одамларни) Аллоҳ(нинг дини)га даъват қилган ва ўзи ҳам яхши амал қилиб, “Шак-шубҳасиз мен мусулмонлардандирман”, деган кишидан ҳам чиройлироқ сўзловчи ким бор?!» (Фуссилат, 33);

«Ким бир ҳидоятга даъват қилса, унга шу амалнинг ва қиёматгача унга амал қилганларнинг ажр-савоби бўлади ва бу билан уларнинг ажрларидан ҳеч нарса камаймайди» (Муслим ва Абу Довуд ривояти).

Ким Аллоҳ таолога даъват қилиш, у зотнинг рисолатини бандаларга етказиш масъулиятини ўз зиммасига олса, энг шарафли ва Аллоҳ субҳонаҳу ва таолога энг суюкли масъулиятни ўз зиммасига олибди. Қолаверса, Аллоҳ таоло бутун борлиқни шу сабабли, яъни Ўзига ибодат қилиш учун яратган. Илмсиз ва онгсиз равишда қилинган ибодат ибодат эмас: «Айтинг: “Менинг йўлим шудир. Мен ва менга эргашган кишилар Аллоҳга аниқ ҳужжат асосида даъват қиламиз”» (Юсуф, 108).

Даъватчи авваламбор даъватнинг моҳиятини, ўз зиммасига олган рисолат моҳиятини ва бўйнидаги омонат нима ва кимга тегишли эканини чуқур тушунмоғи лозим. Агар у масъулиятнинг қанчалик катта эканини билса, Аллоҳнинг розилигига эришиш йўлида у зот номидан, у зот учун гапираётганини, Аллоҳ таоло билан ажрини – бошқа ҳеч кимдан эмас – фақат Унинг ўзидан олишга келишиб олганини англаб етади: «Айтинг: “Мен сизлардан сўраган бор ажру-мукофот ўзларингизга бўлсин (яъни мен сизлардан бирон ажр-мукофот сўрамасман)”». (Сабаъ, 47) У зотнинг элчилари Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Шуайб ва Лут алайҳимуссаломлар шундай деганлар: «Мен сизлардан бу (даъватим) учун ажр-мукофот сўрамайман. Менинг ажр-мукофотим фақат барча оламларнинг Парвардигори Аллоҳнинг зиммасидадир» (Шуаро, 109). Сизнинг ажрингиз еру кўк хазиналари эгасининг зиммасида, кечаю кундуз қўли очиқ бўлган зотнинг зиммасидадир. У зот айтган ҳар бир сўзингизни ҳарфма-ҳарф ёзиб, чеккан ҳар қандай машаққатингизни ҳисоблаб, каттаю кичик ҳамма ишларингизни ёзиб, уларни ҳисоб китоб қилиб, ажру савобини ёзиб боради. Агар бу амалларингиз қабул қилинган бўлса, сиз уларнинг савобини қиёмат кунида тўла-тўкис қилиб (балки ўн баробаридан етти юз баробаригача зиёдаси билан) оласиз. Ажрингиз яхши амал қилганларнинг ажрини ҳеч ҳам зое қилмайдиган зотнинг зиммасида. У зот Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодир.

Даъватчи бу мақом Аллоҳнинг ҳузуридаги энг олий мақомлардан бири экани, у пайғамбарларнинг мақоми эканини ҳис қилиши керак. Зеро, уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Даъватчи илм олишга қаттиқ тиришиб, олимлик мартабасига эришмоғи даркор, чунки, даъват илм билангина бўлади. Ким даъватнинг фазилатига тўла-тўкис эришмоқчи бўлса, илм ўргансин, илм мажлисларига қатнашиб, Аллоҳнинг раҳмати тарқатилаётган ҳиёбонда жаннат сари кетаётганлардан бири бўлсин! Бу борада қаттиқ сабр қилиб, илмнинг юқори чўққиларига эришгунига қадар тўхтовсиз, жиддий интилиб, ажрини Аллоҳдан умид қилиши керак. Ана шундагина мукаммал суратда даъват қила олади.

Зиммамиздаги биринчи вазифа илм олишдир. Илмга куч-қувват, қатъият ва олий ҳиммат билан киришинг, токи сизни ҳеч нарса бу йўлдан тўса олмасин! Молу давлат, дунё ва унинг зийнатларию ўткинчи матолари сизни бу йўлдан тўсмасин! Илм йўлида ҳаракат қилар экансиз, ҳақиқий манфаатдор ўзингиз эканингизни аниқ билинг! “Молу дунёдан қуруқ қоламан, дунё аҳли тижорат қилиб, катта-катта фойда кўрмоқдалар. Мен эса ҳеч фойда ололмадим”, – деб ўйламанг. Йўқ, аксинча, шуни аниқ билингки, илм олар экансиз, Аллоҳ таоло билан бўлаётган бу тижоратда энг кўп фойдани сиз кўрасиз, улар эмас. Қанча-қанча одамлар илм олганлари сабабли Аллоҳ таоло улардан дунёда ҳам, охиратда ҳам уларнинг ташвишларини аритиб қўйди. Олимларнинг сийратларини ўқинг, уларнинг ичида кундалик егулигига эга бўлмаган, кийимлари йиртиқ-ямоқ ва оёқ ялангларини кўрасиз. Лекин у Аллоҳ йўлида энг бой, энг бахтли ва ҳаққа энг қалби очиқ, энг қалби юмшоқ ва ростгўйроқ, ҳақни энг яхши ёритиб берадиганидир. У энг бадавлат одамдир. Чунки Аллоҳ таоло унинг қалбига ҳам, тилига ҳам илм берган: «Улар сабр-тоқат қилишгач, Биз улардан (одамларни) ҳидоят қиладиган пешволарни чиқардик. Улар Бизнинг оятларимизга аниқ ишонар эдилар» (Сажда, 24). Яъни, улар илм олишда сабр қилганлар, бирорталари уйқусизликдан ёки машаққатдан шикоят қилмасдан, ҳиммат ва қатъият билан илм олганлар.

Илм олишга жиддий киришган толиби илм шуни ҳам билиши керакки, унинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги даражаси олган илмининг миқдорича кўтарилади. Зеро, Аллоҳ таоло илм билан даражаларни юксалтиради. Гоҳида бир илм мажлисида ўтириб, кўпчилик билмайдиган бир неча масалани ўрганасиз ва шу борада умматнинг оғирини енгил қиласиз, Аллоҳ ҳузурида ҳам ажрингиз улуғ бўлади. Илмий даражангизга қараб қадрингиз кўтарилади. Сиздаги илм қанчалик нафис ва одамлар унга муҳтож бўлса, сизнинг Аллоҳ ҳузуридаги даражангиз шунчалик олий ва юксак бўлади.

Таҳсил қилаётган илмингиз омонатга муҳтож эканини билинг. Илм мажлисларида ўтирсангиз, эшитганингизни пухта ёдланг ва ўзингиздан ҳеч бир қўшимча қўшманг, ҳужжат ва далилингиз бўлмаса, Аллоҳнинг динида раъйингиз билан гапирманг!

Дарс олаётганингизда эшитганингизни ёдда сақлашга ҳаракат қилинг. Кейин эса шу билимингиз асосида амал қиласиз ва эшитганингизни етказасиз. Айтилган ҳамма нарсани қалбингизга жо қилиб, унга бирон сўзни қўшмаслик ва камайтирмаслигингиз илмнинг энг мукаммал кўринишидир. Гапларнинг маъносини эмас, сўзма-сўз айтишга интилинг, чунки у янада яхши йўлдир. Агар билганингизни етказсангиз, юзингиз ёруғ бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: «Менинг сўзимни эшитиб, уни ёдлаган ва ёдида сақлаб, худди эшитганидек бошқаларга етказган кишини Аллоҳ таоло юзини мунаввар этсин» (Термизий ва Ибн Можа ривояти). Агар Аллоҳга бўлган даъватингиз энг мукаммал ва энг афзал кўринишда бўлишини хоҳласангиз, илмни жуда пухта эгалланг!

Агар сиз илмни пухта эгалласангиз, Аллоҳ таоло сизнинг даъватингизга одамларнинг қалбини очиб қўяди. Аллоҳ таоло қалбингизда кечаётган нарсаларни ҳам билиб турганига ишончингиз комил бўлсин. Шуни ҳам билингки, Аллоҳ таоло ҳар бир мажлисда ва ҳар бир дарсда сизни кўриб турибди. Шундай экан, айтилган ҳар бир сўз ва ибораларни тушуниб, ёдда сақлашга ҳаракат қилинг. Зеро илм инсонни руҳий чиниқтиради.

(Давоми бор)