Сешанба 16 Август 2022 | 18 Муҳаррам 1444 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

ИСЛОМНИ БУЗУВЧИ АМАЛЛАР

4765 марта кўрилган

Мусулмон дўстим, билингки, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Ислом динига кириш ва уни маҳкам ушлашни барча одамларга фарз қилиб, унга хилоф бўлган нарсадан огоҳлантирди. Аллоҳ таоло ўз пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни шу динга даъват этиш учун юборди ва унга эргашган киши ҳидоят топган, юз ўгирган киши эса адашган экани хабарини берди. Аллоҳ таоло талай оятларда, уламолар эса муртадлик ҳукми ҳақидаги бобларда муртадлик сабаблари, ширк ва куфр турларидан огоҳлантирдилар. Дарҳақиқат, мусулмон баъзида моли ва қонини ҳалол қиладиган кўплаб амал турларига қўл уриш билан Ислом динидан чиқиб, муртад бўлиши мумкин. Бу бузувчи амалларнинг энг хатарлиси ва энг кўп содир бўладигани ўнтадир (Шайх Сулаймон Тамимий ва бошқа илм аҳллари буни ўз асарларида баён қилдилар).

Биз қуйида сиз саломат қолишингиз ва бошқаларни ҳам огоҳлантиришингиз керак бўлган Исломни бузувчи ўнта амални мухтасар қилиб, баъзи изоҳлар билан эслатиб ўтамиз.

1. Аллоҳ таолога ибодатда шерик қилиш.

Аллоҳ таоло деди: «Аллоҳ ўзига шерик қилинишини кечирмайди. Ундан бошқа барча гуноҳларни хоҳлаган бандасидан кечиради» (Нисо сураси, 48 ва 116-оятлар).

«Албатта, Аллоҳ Аллоҳга шерик қилган кишига жаннатни ҳаром қилди ва унинг жойи жаҳаннамдир. Золимларнинг ёрдамчилари йўқдир» (Моида, 72).

Вафот этган кишилардан эҳтиёж ва ёрдам сўраш, уларга қурбонликлар сўйиш ва назрлар қилиш ҳам шулар жумласидандир.

2. Аллоҳ билан ўзи ўртасида воситачилар қилиб, уларга дуо ва таваккул қилган ҳамда улардан шафоат сўраган киши кофир бўлади.

3. Мушрикларни кофир деб ҳисобламаган, ёки уларнинг кофир эканида шубҳа қилган, ёки уларнинг йўллари ва оқимларини тўғри деб ҳисоблаган киши кофир бўлади.

4. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа кимсанинг йўли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларидан мукаммалроқ, ҳукми Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳукмларидан гўзалроқ» деб эътиқод қилган киши кофирдир. Тоғут (золим)ларнинг ҳукмларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳукмларидан афзал кўрган кишилар шу бузувчи амал остига кирадилар.

5. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган таълимотларнинг баъзисини, гарчи ўзи унга амал қилса-да, ёмон кўрган киши кофир бўлади.

Аллоҳ таоло деди:

«...Сабаби, улар Аллоҳ нозил қилган нарсаларни ёмон кўрдилар. Натижада, Аллоҳ уларнинг қилган амалларини бекор қилди» (Муҳаммад, 9).

6. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган дин ва шу диндаги савоб ва жазолар устидан масхара қилган киши кофир бўлади.

Аллоҳ таоло деди:

«Айтинг: «Сизлар Аллоҳ, Аллоҳнинг оятлари ва пайғамбари устидан масхара қиляпсизларми? (Энди) узр айтманглар. Иймон келтиргандан сўнг кофир бўлдинглар» (Тавба, 65-66).

7. Сеҳр.

Эрни хотинига иситиш, ёки одамни ёқтирмаган нарсасига шайтоний йўллар билан яхши кўрадиган қилиш учун қилинган ишлар сеҳр дейилади. Бу ишларни қилган ёки бу ишларнинг бўлишига рози бўлган ҳар бир киши кофир бўлади. Аллоҳ таоло деди:

«У (икки фаришта) кимга таълим берсалар: «Биз бир имтиҳонмиз, сен кофир бўлма», дер эдилар» (Бакара, 102).

8. Мусулмонларга қарши душманларига ёрдам бериш куфрдир.

Аллоҳ таоло деди: «Сизлардан у (яҳуд ва насоро)ларни дўст тутган одам улардан биридир. Шубҳасиз, Аллоҳ золим кимсаларни ҳидоят қилмайди» (Моида, 51).

9. «Баъзи одамларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган шариатдан чиқишга ҳақлари бор» деб эътиқод қилган киши кофирдир.

Аллоҳ таоло деди: «Исломдан бошқа динни талаб қилган одамдан қилган амаллари кабул қилинмайди ва у охиратда зиёнкорлардан бўлади» (Оли Имрон, 85).

10. Аллоҳнинг динидан юз ўгириш: уни ўрганмаслик ва унга амал қилмаслик.

Аллоҳ таоло деди: «Раббининг оятлари билан эслатилганидан сўнг улардан юз ўгирган кишидан кўра золимроқ одам борми? Биз жиноятчи кимсалардан интиқом олувчидирмиз» (Сажда, 22).

Мазкур Исломни бузувчи амалларда жиддий, ҳазиллашиб ёки қўрқиб айтган кишилар ўртасида фарқ йўқдир. Фақат мажбурланган кишиларгина бундан мустаснодир.

Юқорида эслатиб ўтганимиздек, бу ўнта бузувчи амал энг хатарли ва мусулмонлар хаётида кўп содир бўладиган амаллардир. Шунинг учун мусулмон булардан эҳтиёт бўлиши ва сақланиши керак.

«Одамлар қурган тузум ва қонунлар Ислом шариатидан кўра афзалроқ, ёки Ислом низомини ҳозирги – йигирманчи асрда татбиқ қилиш мумкин эмас, ёки уни татбиқ қилиш мусулмонларнинг қолоқлигига сабаб бўлади, ёки Ислом банда билан Аллоҳ ўртасидаги шахсий алоқаларга хос бўлиб, унинг инсон ҳаётининг бошқа тармоқларига алоқаси йўқ», бундан ташкари, «ўғрининг қўлини кесиш, ёки уйланмаган зинокорни савалаш каби жазоларни қўлламаслик керак» деб эътиқод қилиш ҳам тўртинчи қисмдаги бузувчи амаллар жумласига киради.

Бундан ташқари, бу қисмга: «Гарчи шариат ҳукмидан афзал деб тушунмаса-да, муомалалар, жиноятлар ва бошқа ишларда шариат ҳукмларидан бошқа қонунлар билан ҳукм қилиш жоиз» деб эътиқод қилиш ҳам киради. Банда бу эътиқоди билан Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни ҳалол қилган бўлади. Зеро, ҳаромлиги диндан экани маълум бўлган зино, маст қилувчи ичимликлар, судхўрлик ва Ислом шариатидан бошқа ҳукмлар билан ҳукм қилиш мусулмонлар иттифоқи билан куфр ишдир.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таолодан ғазабининг сабабчилари бўлган ишлар ва аламли азобларидан паноҳ сўрайман.

Аллоҳ Пайғамбаримизга, у зотнинг оиласи ва саҳобаларига салавот ва саломлар йўлласин!

Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз раҳимаҳуллоҳ

Манба: www.islamnuri.com