Сешанба 16 Август 2022 | 18 Муҳаррам 1444 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Исломга қандай хизмат қиламан? (китобидан қисқартма)

2309 марта кўрилган

Муаллиф: Абдулмалик Қосим
Таржимон: Муҳаммаджон Собиржон ўғли

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Аллоҳга хамду санолар ва Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога салавоту саломлар бўлсин.

«Исломга хизмат қилишни истайман. Аммо айнан нима қилсам динимга фойда келтиришим мумкинлигини билмайман».

Ушбу савол бугун кўп биродарларимизни қийнаётган бўлса ажаб эмас. Қуйида баҳоли қудрат шу борада сўз юритамиз.

Исломга хизмат қилиш учун албатта катта бир ишни қойилмақом қилиб бажариш талаб этилмайди. Балки баъзи бир оддий туюлган ишларни қилишингиз ҳам қайсидир маънода динга хизмат бўлади. Ушбу сўзимизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Исломда арзимас иш йўқлигини ифода этувчи бир неча ҳадиси шарифлари қўллаб қувватлайди:

عَنْ أَبِي ذَرٍّ قَالَ قَالَ لِيَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لا تَحْقِرَنَّ مِنْ الْمَعْرُوفِ شَيْئًا وَلَوْ أَنْ تَلْقَى أَخَاكَ بِوَجْهٍ طَلْقٍ (رواه مسلم)

«Яхшиликдан озгина нарсани ҳам арзимас санамагин. Ҳатто биродарингга очиқ чеҳра билан рўбарў бўлишинг ҳам яхшиликдир» (Имом Муслим ривояти).

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ إِنَّ الشَّيْطَانَ قَدْ أَيِسَ أَنْ يُعْبَدَ بِأَرْضِكُمْ هَذِهِ وَلَكِنَّهُ قَدْ رَضِيَ مِنْكُمْ بِمَا تَحْقِرُونَ (رواه أحمد)

«Шайтон бу ерингизда унинг ўзига сиғиниб ибодат қилишингиздан умидини узган. Аммо энди у сизлар тарафингиздан сизлар арзимас деб ўйлаб, эътибор бермайдиган ишларга ҳам рози бўлади» (Имом Аҳмад ривояти).

Яъни бирон яхшилик қилмоқчи бўлсангиз, шайтон: «Шу арзимас ишни қиласанми? Қўй, бир йўла каттароғини қиларсан!» деб васваса қилади. Натижада ози ҳам амалга ошмай қолади, кўпини ҳам қилмайсиз. Ёки аксинча, бирон ёмонлик қилишдан тийилмоқчи бўлсангиз: «Нима қилибди шу арзимас нарсани қилсанг?! Ахир катта бир ёмонлик қилаётганинг йўқ-ку!» деб васваса қилади. Натижада бу кичкина ёмонликни бир марта қиласиз, икки марта қиласиз, кейин унга одатланасиз, бора-бора каттароғидан ҳам ҳайиқмайдиган даражага келиб қоласиз.

Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, динга нима хизмат қилишни билмай ўйланиб юрган биродарларимизга қуйида бир неча фойдали маслаҳатлар бермоқчимиз:

1. Агар дин хизматига азму қарор қилган ва шу ниятингизда самимий бўлсангиз, шунинг ўзи ҳам динга бир хизматдир. Зеро, Аллоҳ таоло ўзи учун холис бажарилган ишга, унинг қанчалик кичик бўлишидан қатъи назар барака ато этади.

Бандага бирон хайрли амал кичкина бўлиб кўринса-да, аммо уни ихлос билан адо этса, шу сабабдан Парвардигори олам унинг улкан-улкан гуноҳларини мағфират этиб юбориши мумкин. Бу ҳақда саҳиҳ ҳадислар собит бўлган. Жумладан:

عَن عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْرِو بْنِ الْعَاصِ رضي الله عنه يَقُولُ «قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِنَّ اللَّهَ سَيُخَلِّصُ رَجُلاً مِنْ أُمَّتِي عَلَى رُءُوسِ الْخَلائِقِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ فَيَنْشُرُ عَلَيْهِ تِسْعَةً وَتِسْعِينَ سِجِلاًّ كُلُّ سِجِلٍّ مِثْلُ مَدِّ الْبَصَرِ ثُمَّ يَقُولُ أَتُنْكِرُ مِنْ هَذَا شَيْئاً أَظَلَمَكَ كَتَبَتِي الْحَافِظُونَ فَيَقُولُ لا يَا رَبِّ، فَيَقُولُ أَفَلَكَ عُذْرٌ فَيَقُولُ لا يَا رَبِّ، فَيَقُولُ بَلَى إِنَّ لَكَ عِنْدَنَا حَسَنَةً فَإِنَّهُ لا ظُلْمَ عَلَيْكَ الْيَوْمَ فَيُخْرِجُ بِطَاقَةً فِيهَا «أَشْهَدُ أَنْ لا إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَأَشْهَدُ أَنَّ مُحَمَّدًا عَبْدُهُ وَرَسُولُهُ»، فَيَقُولُ احْضُرْ وَزْنَكَ فَيَقُولُ يَا رَبِّ مَا هَذِهِ الْبِطَاقَةُ مَعَ هَذِهِ السِّجِلاَّتِ فَقَالَ إِنَّكَ لا تُظْلَمُ قَالَ فَتُوضَعُ السِّجِلاَّتُ فِي كَفَّةٍ وَالْبِطَاقَةُ فِي كَفَّةٍ فَطَاشَتْ السِّجِلاَّتُ وَثَقُلَتْ الْبِطَاقَةُ فَلا يَثْقُلُ مَعَ اسْمِ اللَّهِ شَيْءٌ». (رواه الترمذي)

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ таоло қиёмат куни бутун ҳалойиқ олдида менинг умматимдан бир кишини танлаб олади. Унинг олдига тўқсон тўққизта амал дафтарларини қўяди. Уларнинг ҳар бири кўз зўрға илғайдиган даражада улкан бўлади. Сўнгра Аллоҳ азза ва жалла айтади: «Мана шу нарсалардан биронтасини инкор этасанми? Сенга менинг Кироман Котибийнларим (назоратчи фаришталарим) зулм қилишибдими?» Банда: «Йўқ, эй Раббим», дейди. Аллоҳ айтади: «Сенинг бирон узринг борми»? Банда яна: «Йўқ, эй Раббим», дейди. Шунда Аллоҳ таоло: «Ундай эмас, Бизнинг ҳузуримизда сенинг бир ҳасананг (савоб амалинг) бор, бугун сенга зулм қилинмайди», дейди ва бир парча қоғозни чиқаради, унга «Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва росулуҳу» деб ёзилган бўлади. Аллоҳ бандага: «Тарозингга бор», дейди. Банда: «Эй Раббим, шунча китоблар олдида бу бир парча қоғоз нима ҳам қила оларди», дейди. Аллоҳ: «Сенга зулм қилинмайди», дейди. Ҳамма китоблар бир паллага қўйилади, ҳалиги қоғозча иккинчи паллага қўйилади ва у китобларни босиб кетади. Ўша қоғозча оғир келади, чунки бирон нарса Аллоҳнинг исмидан оғир келмайди». Термизий ривояти.

2. Агар ҳақ йўлни танисангиз ва шу йўлда юришни ихтиёр этсангиз дин учун хизмат қилган бўласиз. Ҳақ йўл эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даъват йўлларидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ислом даъватини қандай бошлаганлар, қай услубларни қўллаганлар, қай тарзда иш олиб борганлар, одамларга қандай муомала қилганлар, уларнинг озорларига нечоғлик сабр қилганлар, уларга қанчалик меҳрибон ва ғамхўр бўлганлар – шуларнинг барини ўрганишимиз лозим. Чунки булар Исломга даъват йўлида хатога йўл қўймаслик омилларидир.

3. Сизни ўраб турган шарт-шароитлардан, мавжуд имкониятлардан даъват йўлида унумли фойдалансангиз динга хизмат қилган бўласиз. Бизнинг олдимизда битмас-туганмас имкониятлар турибди, Аллоҳ таоло ҳаром қилган услублардан бошқа ҳаммаси биз учун ҳалолдир. Фақат уларни топиб, даъват йўлида ишлата олсак бўлгани. Шунинг учун шариат қоидаларига ва одобларига риоя этган ҳолда барча ҳалол йўллардан фойдаланишимиз керак.

4. Шахсий манфаатларингиз ва орзу-умидларингиздан кўра Ислом ишини муқаддам қўйсангиз Исломга хизмат қилган бўласиз. Зеро, динга хизмат қилишнинг асл маъноси мол-дунё, вақт, куч-ғайрат ва ақлий тоқатлар каби ўзингизда мавжуд имкониятларни оз ёхуд кўп бўлишидан қатъи назар дин йўлида сарф этишингиздир.

5. Ислом уламолари, даъватчилари ва бошқа солиҳ мўминларга эргашсангиз динга хизмат қилган бўласиз. Албатта уларнинг йўлини тутиш осон кечмайди. Зеро, минглаб анбиёлар босиб ўтган муборак Ислом йўли машаққатлар билан тўлиб тошгандир. Бу йўлдан юриш кишидан ҳар қандай машаққатни матонат билан қарши олишни, улкан сабрни ва бошқа шу каби жиддий сифатларни талаб этади. Негаки, анбиёлар олиб келган динга эътиқод қилган, унга даъват этган ҳар бир инсонга барча замонларда дин душманлари қарши чиққанлар, уларни зиндонга ташлашга, қатл этишга ва ватанидан қувиб чиқаришга уринганлар.

Сиз ҳам модомики шу йўлни танлаган экансиз, аввало ушбу табаррук йўл сизга муборак бўлсин. Бироқ илк лаҳзалардан бошлаб шу сифатларни ўзингизда ҳосил қилишга интилинг, хотиржамлик ва оромни йўқотишга ҳар лаҳзада тайёр бўлинг.

6. Дангасалик, бўшашиш ва ғайратсизлик каби иллатлардан ўзингизни покласангиз Исломга хизмат қилган бўласиз. Зеро, Ислом қатъият, ҳиммат, ғайрат ва жасорат динидир. Қўрқоқ ва ҳимматсиз кишиларнинг бу йўлдан адашмай ва оғишмай боришлари жуда қийин бўлади.

Мусулмонлар бошига келган фалокат ва мағлубиятлар ҳам асосан икки тарафдан: қизиққон ва шошқалоқ жоҳилларнинг хатолари сабабидан, ё бўлмаса совуққон ва дангаса мусулмонларнинг масъулиятсизлиги туфайли келган.

7. Қалбингизни Парвардигори оламга боғласангиз, Аллоҳга кўпроқ дуо қилиб истиғфор айтсангиз, Қуръони Каримни кўпроқ тиловат қилсангиз Исломга хизмат қилган бўласиз. Зеро, Аллоҳ азза ва жалла зикридан, фарз ва нафл ибодатлар билан Унга яқинлашишдан кўра мўмин қалбини ғайратлантирадиган, ўзини амалга чорлайдиган нарса йўқдир.

Зикру тиловатдан эринган қалб албатта дангаса бўлади ва дин учун озгина ҳатти-ҳаракат ҳам унга малол келадиган бўлиб қолади.

8. Дин иши учун ҳаётини тиккан, борини Ислом даъватига фидо этган ҳақиқий олимлар билан боғлансангиз дин учун хизмат қилган бўласиз. Зеро, пайғамбарларнинг шундай чин меросхўрлари байроғи остида ҳаракат қилиш, олиб бораётган курашларида улар билан елкама-елка туриш, уларнинг барча кўрсатмаларига амал қилиш биз мусулмонларни ғалаба ва иззат-шараф сари етаклайди.

9. Кундалик, ҳафталик ва ойлик ишларингизни чиройли тартиб-интизомга солиб, режа билан иш қилишга одатлансангиз Исломга хизмат қиласиз. Зеро, мўмин одам олдида ундан ҳар куни талаб этиладиган ишлар ҳам, ҳар хафта ёки ҳар ой такрорланадиган ишлар ҳам, йилда бир марта қилиниши лозим бўлган амаллар ҳам бордир. Агар буларнинг ҳаммасини пухта режалаштирилмаса, бири иккинчисига халақит бериши, ёки бирини қилиш билан бошқаси эсдан чиқиши, ё вақтга сиғмаслиги мумкин бўлиб қолади.

Кундалик ишларга мисол: ҳар куни даъват этишингиз лозим бўлган одамлар, масалан хотин, бола-чақа тарбияси билан машғул бўлиш.

Хафталик ишларга мисол: ўз жамоангиз билан тўпланиб улар билан иймонлашиш ёки устозингиз билан кўришиб дарс олиш.

Ойлик ишларга мисол: бирон муҳтож оилани зиёрат қилиб уларнинг ҳолидан хабар олиш ва ёрдам бериш ёки қўшни шаҳар ё қишлоқдаги биродарларингизни зиёрат қилиш.

Йиллик ишларга узоқроқ шаҳардаги биродарларингизни зиёрат қилиш, ҳаж ё умра каби сафарларни уюштиришни мисол қилиш мумкин.

10. Ғайратингиз, вақтингиз, ақлингиз, фикрингиз ва мол-дунёингиздан бир қисмини доимий ва мунтазам равишда Ислом учун ажратадиган бўлсангиз динга хизмат қилган бўласиз. Токи ғамингиз ҳам, дарду фикрингиз ҳам фақат Ислом бўлсин. Турсангиз Ислом дарди билан туринг, ўтирсангиз Ислом ғами билан ўтиринг, юрсангиз фақат Ислом иши учун юринг, ўйласангиз фақат Ислом равнақи ҳақида ўйланг, мол-дунё сарфласангиз фақат Ислом ривожи учун сарфланг.

11. Яхшиликнинг бирон янги турини топишингиз билан дарҳол ўшанга шошилсангиз, унга ўз ҳиссангизни қўшишга интилсангиз Исломга хизмат қилган бўласиз. Дини Ислом учун бирон хизматингизни тақдим қилиш имкони бор экан, ҳечам иккиланманг ва зинҳор пайсалга солманг! Зеро, эртага бу ишни қилишга имкон бўладими йўқми, билмайсиз.

Ундан ташқари, ҳеч биримизни Аллоҳ таоло бу дунёга боғлаб қўймаган ва ажалимиз қачон битилгани бизга номаълум. Хайрли ишни кейинга қолдирган киши мўлжаллаган пайти келмай туриб тилдан, ҳаракатдан қолиши, ёки бир йўла ҳаётдан кўз юмиб кетишидан хотиржам бўлолмайди ва албатта кечга қолдирган ишига пушаймон ейди.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўз калимасини олий қилиш йўлида молию жонини аямайдиган фидойи инсонлардан қилсин. Омин!

Манба: www.islamnuri.com