Сешанба 16 Август 2022 | 18 Муҳаррам 1444 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

ФАРЗАНДЛАРНИНГ ҲАҚ-ҲУҚУҚЛАРИ

3526 марта кўрилган

Аллоҳга ҳамду санолар, Пайғамбаримизга салавоту саломлар бўлсин.

Бугунги суҳбатимизда фарзандларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳақида сўз юритмоқчимиз. Фарзандлар Аллоҳ таоло бандаларига ато этган энг улуғ неъматлардан ҳисобланади. Агар ота-она фарзандларнинг ҳақ-ҳуқуқларига тўла риоя қилиб, уларни чиройли тарбия қилишсагина фарзандлар ҳақиқий неъмат бўлади. Қуръони карим ва Пайғамбаримиз суннатлари фарзандларни тарбия қилишнинг энг яхши йўлларини баён қилиб бергандир.

Фарзандлар Аллоҳнинг неъматларидандир. Бу неъмат талабида дуога қўл очилади, «Бизга шу неъматингдан ато этгин», дея Аллоҳга илтижо қилинади. Аллоҳ таоло пайғамбарларидан бирининг илтижосини Қуръонда бундай зикр қилади: «Парвардигоро, Ўз ҳузурингдан менга яхши зурриёт ато эт, албатта сен дуоларни қабул қилгувчи Зотсан» (Оли Имрон, 38).

Аллоҳ таоло Ўзининг суюкли бандалари ҳақида бундай дейди: «Улар: «Парвардигоро, бизларга жуфтларимиздан ва зурриётларимиздан шод-хуррамлик ато этгин ва бизларни тақводорларга пешво қилгин», дейдиган кишилардир» (Фурқон, 74).

Агар ота-она фарзандларнинг ҳақ-ҳуқуқларига Аллоҳ таоло рози бўладиган кўринишда тўла риоя қилиб, уларга чиройли тарбия берсаларгина фарзандлар шод-хуррамлик ва хотиржамликни келтирадилар.

Уламолар фарзандларнинг ҳуқуқларини икки қисмга бўлганлар:

Биринчи қисм: фарзанд вужудга келишидан аввалги ҳуқуқлар;

Иккинчи қисм: фарзанд вужудга келгандан кейинги ҳуқуқлар.

Қуйидагилар ота-онанинг фарзанд вужудга келишидан аввалги бурчларидандир: Ота ўзининг бўлғуси фарзандларига солиҳа, диёнатли ва уларнинг ҳуқуқларига риоя қиладиган омонатдор онани танлаши лозим. Шунингдек, она ҳам ўзининг фарзандларига уларнинг таълим тарбияси ва яхши инсонлар бўлиб вояга етишларига жиддий қарайдиган солиҳ, диндор ота танлашидир.

Яна ота-онанинг фарзанд вужудга келишидан аввалги бурчларидан эр аёлига жинсий яқинлик қилаётганида ушбу дуони ўқишидир: «Бисмиллаҳ, Аллоҳумма жаннибнаш-шайтон ва жаннибиш-шайтона ма розақтана». Маъноси: “Аллоҳ номи билан. Эй Аллоҳ! Биздан ва бизга ризқ қилиб берадиганинг (фарзанд)дан шайтонни йироқ қил” (Бухорий ва Муслим ривояти). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу дуо қилинган кечада эр-хотин ўртасида фарзанд вужудга келадиган бўлса, шайтон унга зарар беролмаслигини айтганлар.

Энди ота-онанинг фарзанд вужудга келганидан кейинги бурчларига келсак, уларнинг биринчиси боланинг саломат туғилганини кўришлари ҳамон Аллоҳга ҳамд ва шукр айтишларидир. Чунки Аллоҳ таоло шукр қилганларга янада зиёдалар ато этаман, деб марҳамат қилган.

Ота-онанинг фарзанд вужудга келганидан кейинги бурчларидан яна бири фарзандга гўзал исм танлашларидир. Исмларнинг афзали Абдуллоҳ, Абдураҳмон ва ҳар бир Аллоҳнинг исмларига «Абд» (банда) олд кўшимча қилинган исмлар саналади. Масалан, «ал-Қуддус», «ал-Борий», «ал-Малик» исмлари Аллоҳнинг гўзал исмларидандир. Бу исмларнинг олдига «абд» сўзини қўшиб, «Абд+ал-Қуддус = Абдулқуддус» «Абдулборий» «Абдулмалик» дея исмлаш мумкин. Шунингдек, пайғамбарлар ва солиҳ кишиларнинг исмларини қўйса ҳам яхши. Замонавий бўлган, аслида бирор маъно касб этмайдиган исмлар ва ҳаром исмларни қўймаслик керак. Масалан, «Мавлуда» исми «чақалоқ қиз» маъносини, «Хуршид» эса «ёруғлик» ва «машъал» маъносини анлатади. «Ўғилхон», «Қизлархон» ва ҳоказо исмлар ҳам шулар жумласидан... Булар маъносиз исмларга мисол эди. Ҳаром исмларга «Шоҳжаҳон» исмини мисол қилиш мукин. Мазкур исм «бутун оламнинг, дунёнинг подшоҳи» деган маънони билдиради. Зеро, бу исмга фақат Аллоҳгина лойиқдир.

Исмни чақалоқ туғилган биринчи кундан бошлаб қачон хоҳласа қўяверади.

Ота-онанинг фарзанд вужудга келганидан кейинги бурчларидан навбатдагиси ақиқа қилишдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳар бир чақалоқ ақиқасининг гаровидадир. Ақиқаси бола етти кунлик бўлганида сўйилади ва болага исм кўйилади» деганлар. «Ақиқа» деб ўғил бола учун иккита, қиз бола учун битта қўйни чақалоқ туғилганининг 7-, 14- ё 21- кунлари сўйишга айтилади. Агар бу кунларда сўйишга қодир бўлмаса, қачон қодир бўлганида сўяверади. Агар ўғил бола номидан иккита қўй сўйишга қодир бўлмаса, битта қўй сўйиши ҳам кифоя қилади. Иккита сўйиш афзалдир.

Ота-онанинг фарзанд вужудга келганидан кейинги бурчларидан яна бири ўғил фарзандни хатна қилишдир. Бунинг учун маҳаллага ош бериш ёки уч кунлаб тўй қилиш шарт эмас. Бу ишлар Ислом динига ёт бўлган ишлардир. Докторга олиб бориш ёки хатна қилувчи устани уйга олиб келиб хатна қилдирилса кифоя.

Ота-онанинг фарзанд вужудга келганидан кейинги бурчларидан навбатдагиси фарзандларга чиройли тарбия беришдир. Бу ҳақда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Ким ушбу қизларнинг бир нечтаси билан синалса, уларга чиройли тарбия ва гўзал одоб берса, албатта бу қизлар унинг учун дўзахдан қалқон ва тўсиқ бўладилар» (Термизий ривояти). Уламолар айтишича, бу ўринда хоссатан қизларнинг зикр қилинишига сабаб улар эртанги кун авлодларининг мураббиялари бўлгани учундир.

Умумий суратда ўғил-қизларга чиройли тарбия беришнинг оқибати хайрлидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Одам боласи вафот этадиган бўлса, унинг учтадан бошқа барча амаллари узилади. Мазкур уч амал булардир: садақа жория, фойдали илм ва унинг ҳаққига дуо қилиб турадиган солиҳ фарзанд» (Имом Муслим ривояти).

Ота-онанинг фарзанд вужудга келганидан кейинги бурчларидан яна бири фарзандларни иймон узра тарбия қилишдир. Ота-она фарзанди ёшлик чоғиданоқ унга Аллоҳнинг борлиги, бирлиги, у барча нарсаларни, шу қаторда унинг ўзини ҳам яратганлиги, ундан қўрқиш ва унга ибодат қилиш лозмлигини уқтириб боради. Аслида Ислом инсоннинг табиатига сингиб кетган диндир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Ҳар бир чақалоқ фитрат (Ислом дини)да туғилади, кейин ота-онаси уни яҳудий, насроний ва мажусий қилиб тарбиялайди». Демак, боланинг табиати аслида Исломда бўлар экан, энди уни шакллантириш қолади, холос.

Ота-онанинг фарзанд вужудга келганидан кейинги бурчларидан яна бири уни намозга буюришларидир. Аллоҳ таоло: «Аҳлингизни намозга буюринг», дейди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Фарзандларингизни етти ёшга кирганларида намозга буюринглар, ўн ёшга кирганларида намоз ўқимасалар уринглар ва жойларини ажратиб қўйинглар» — деганлар. Болалар намозга одатланишлари учун ота-она уларнинг кўз ўнгида намоз ўқиши керак. Гўдак бола нимани кўрса шуни қилади. Агар у ота-онасини намоз ўқиётганини кўрса, дарҳол уларга намозда тақлид қилади. Мабодо рақсга тушаётганларини кўрса, уларга рақсда тақлид қилади. Халқимиз айтганидек, «Қуш инида кўрганини қилади».

Болаларни бирдан намозга буюрилмайди, балки уларга секин-аста қандай таҳорат олиш, қандай намоз ўқиш ва ҳоказо амаллар ўргатиб борилади. Болалар бир муддат ота-она ҳамроҳлигида фақат ҳаракатларнигина бажарсалар, секин-аста намоз ичида ўқиладиган суралар, салавотлар ҳамда дуо ва зикрлар таълим берилади. Болалардан намозга эътиборли бўлганларини мақтовли сўзлар ҳамда моддий нарсалар билан рағбатлантириб турилади.

Фарзандларнинг ҳуқуқларидан яна бири ота-она уларни гўзал хулқларга одатлантиришларидир. Бу ўринда Луқмон Ҳақимнинг фарзандига қилган васиятини келтиришимиз ўринли бўлади: «Эй ўғилчам, намозни тўкис адо эт, яхшиликка буюр ва ёмонликдан қайтар ҳамда ўзингга етган балоларга сабр қил. Албатта мана шу ишларинг мақсадга мувофиқдир. Одамлардан (мутакаббирлик билан) юзингни ўгирма ва ерда кибру ҳаво билан юрма. Чунки Аллоҳ таоло барча кибр-ҳаволи, мақтанчоқ кимсаларни суймас. Юрганингда ўртача юр ва овозингни паст қил. Чунки, овозларнинг энг ёмони эшакларнинг овозидир» (Луқмон, 17-19).

Ота-она фарзандига бирор нарсани ваъда қилса, албатта уни бажарсин. Чунки бола ота-онасининг ёлғон гапиргани ва ваъдасига хилоф қилганини кўрса, бу иллатларни «унсиз» таълим олади, у ҳам шунга одатланади.

Ота-она фарзандига фойдали бўлса гапириш, бўлмаса жим туриш, ўзидан катталарни ҳурмат, кичикларни эса иззат қилиш ва ҳаёли бўлиш каби ишларни таълим бериши керак.

Ота-она фарзандларига совға улашса, улар ўртасида адолат қилсин. Бу ўринда ўғил-қизларга бир хил миқдорда совға берилгани мақсадга мувофиқ. Ҳаттоки фарзандларни ўпиш ва қучиш каби ишларда ҳам ўрталарида адолат қилиш лозим. Бу ўринларда адолат йўқолиши фарзандлар ўртасида адоват пайдо бўлишига олиб келади.

Аслида бу мавзу кенгроқ баён қилишга муҳтож мавзу бўлса-да, биз уни қисқа қилдик. Суҳбатимиз ниҳоясида Аллоҳ таолодан мана шу айтиб ўтилган ҳуқуқларга амал қилишга барчамизни муваффақ айлашини сўраймиз. Албатта Аллоҳ бунга қодир Зотдир.

Дуомизнинг сўнгида Оламлар Рабби Аллоҳга ҳамду санолар, Унинг пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавоту саломлар айтамиз.

Тайёрловчи: Абдулҳафиз Домла (раҳимаҳуллоҳ)

Манба: www.islamnuri.com